Жаҳон | 14:19 / 26.05.2016
4420
2 дақиқада ўқилади

Хитой ТИВ: G7 мамлакатлари сиёсатни муҳокама этишда икки хил меъёрларни қўлламаслиги керак

Хитой ҳукумати G7 мамлакатларини сиёсий масалаларни муҳокама этишда икки хил ёндошувга йўл қўймаслик ва иқтисодий муаммоларга кўпроқ эътибор қаратишга чақирмоқда. Хитой ташқи ишлар вазири Ван И, "катта йигирматалик" гуруҳи саммитига тайёргарликка бағишланган Ханчжоу шаҳрида ташкил этилган махсус матбуот анжуманида шу ҳақда баёнот берган. 

"Маълумки, G7 - бу асосан иқтисодий масалаларни муҳокама этиш мақсадида ташкил этилган форумдир. Шундай экан, у иқтисодий ва молиявий муаммолар ҳамда замонавий дунёнинг тараққиётига оид масалаларга эътибор қаратиши мақсадга мувофиқ", - деб қайд этган Ван И. 

"G7 анжуманининг бошқа мавзуларига тўхталадиган бўлсак, бу савол "еттилик" мамлакатларига қаратилгандир. Улар нимани муҳокама қилишмасин, умид қиламизки, икки хил стандартлар қўллаш ўрнига холис ва ҳиссиётларга берилмасдан фикрларини билдиришади", - деб қайд этган Хитой ташқи ишлар вазири. 

Эслатиб ўтамиз, "еттилик" саммити 26 май куни Япониянинг Миэ префектурасидаги Исэ-Сима миллий паркида ўз ишини бошлади. У икки кун давом этади.