Жаҳон | 14:38 / 26.05.2016
3133
1 дақиқада ўқилади

Ҳиндистондаги кимё заводида портлаш юз бериши оқибатида 3 киши ҳалок бўлиб, 120 киши жароҳатланди

Ҳиндистоннинг Махараштра штатидаги кимё заводида портлаш юз бериши натижасида камида 3 киши ҳалок бўлиб, 100дан ортиқ киши жароҳатланди. Бу ҳақда маҳаллий ОАВга асосланган ҳолда «РИА Новости» хабар берган.

Портлаш штат пойтахти Мумбайдан 50 км масофада жойлашган Домбивали шаҳридаги кимё заводида содир бўлди.

Дастлабки тахминларга кўра, заводда бойлер — сув иситадиган қурилма портлаган ва шундан сўнг ёнғин келиб чиққан. Портлаш овози бир неча километргача эшитилгани ва аҳоли ўртасида ваҳимага сабаб бўлгани айтилмоқда.

АNI агентлиги маълумотига кўра, қурбонлар сони уч киши, жароҳатланганлар сони 100 нафар. NDTV телеканалига кўра эса, 120 киши жароҳат олгани айтилган.