Италиялик денгизчилар муҳожирлар қайиғи ағдарилиши жараёнини видеога олишди
Италия ҳарбий-денгиз кучлари Ўрта Ер денгизи ҳудудида муҳожирлар билан тўлган қайиқнинг ағдарилиб кетишига гувоҳ бўлишди ва ундаги кишиларни қутқариб қолишди. Бу жараёни видеога муҳрланган.
Италия флоти вакиллари 562 кишининг ҳаётини сақлаб қолган.
Видеода қайиқ бир томонга оғиб кетгани, ундаги йўловчилар қайиқнинг иккинчи томонига тўпланишганини кўриш мумкин. Ҳудуддан 5 кишининг жасади топилган.
"Беттика" номли Италия назоратчи кемасидан сувдаги одамларга қутқарув нимчалари ташланган ва улар кемага тортиб олинган.
Шу куни денгизнинг бошқа ҳудудида бошқа бир назоратчи кема 108 нафар муҳожирни чўкиб кетишдан қутқарганди.
Кейинги кунларда Ўрта Ер денгизи ҳудудидаги махсус кемалар Европага ноқонуний йўл билан етиб олиш мақсадида қайиқларда йўлга чиққан жами 6000 нафардан ортиқ муҳожирни қутқариб қолган.
Туркия ва ЕИ ўртасида муҳожирларни Европа ҳудудига ўтказмаслик бўйича келишув кучга кирганидан кейин Ливиядан Италияга йўналишда муҳожирлар оқими кескин ортди. Бундан аввал асосий йўналиш Эгей денгизи орқали Грецияга ўтиш ҳисобланарди.