Машҳур киноюлдузлар Жонни Депп ва Женнифер Энистон оғир кунларни бошдан кечирмоқда
Жорий ҳафтада Ҳолливуд юлдузлари Жонни Депп ва Женнифер Энистоннинг оналари ҳаётдан кўз юмишди.
ET Online'нинг хабар қилишича, Деппнинг онаси - Бетти Сью Палмер - 20 май куни Лос-Анжелесда узоқ давом этган касалликдан сўнг жон берган. У 81 ёшда эди.
Депп онасининг ўлимини оғир қабул қилган.
Танасига онасининг исмини ёздирган актёр ҳозирда "Алиса ойна орти мамлакатида" фильмига бағишланган матбуот турида. 23 май куни у Жимми Киммелнинг шоусида иштирок этди. Бу вақтда эса актёрнинг турмуш ўртоғи актриса Эмбер Ҳёрд ажрашишга ариза берган.
Энистоннинг онаси Нэнси Доу эса 79 ёшида вафот этди. Бу ҳақида Энистоннинг ўзи US Magazine нашрига хабар берган. Актрисанинг сўзларига кўра, Доу ҳам узоқ вақт касаллик билан курашиб яқин қариндошлар ва дўстлари қуршовида ҳаётдан кўз юмган.