Жаҳон | 07:55 / 26.05.2016
5571
2 дақиқада ўқилади

Solar Impulse 2 самолётида АҚШдаги Озодлик ҳайкали атрофида айланиб чиқилмоқчи

Қуёш батареяларида парвоз қилувчи Solar Impulse 2 самолётида дунё бўйлаб саёҳат иштирокчилари бир неча кундан кейин самолётда Нью-Йоркдаги Озодлик ҳайкали атрофини айланиб чиқишмоқчи. Бу ҳақда 25 майда лойиҳа ташкилотчилари самолёт Оҳайо штатидаги Дейтон шаҳридан Пенсильвания штатидаги Лихай-Вэллига парвозни якунлаганидан кейин маълум қилдилар.

Самолётни бошқараётган швейцариялик аэронавтлар Андре Боршберг ва Бертран Пикар барча қизиқувчиларга "икир-чикирларни унутиб, ташқарига чиқиб ва ҳақиқий тарих содир бўлаётгани – Solar Impulse 2 Озодлик ҳайкали атрофида учиб ўтаётганини кўришни" тавсия қилмоқдалар. "Бир неча кундан кейин биз 2003 йилдан бери интиқиб кутаётган орзу ҳақиқатга айланади. Андре Боршберг самолётни Лихай-Вэллидан Нью-Йоркка учириб боради ва ҳайкал атрофида учиб ўтади. Самолётни уйқу билмайдиган шаҳарга олиб келиш рамзий маънога эга", деб айтдилар учувчилар.

Самолёт ўз саёҳатини 2015 йил 9 мартда Абу-Дабидан бошлаган. У ўз йўлида Уммон, Ҳиндистон, Мьянма ва Хитой ҳудудларида қўнган. Самолёт ўтган ёзда ёмон об-ҳаво шароити туфайли Япониянинг Нагоя шаҳрида қўнишга ва у ерда ҳаво яхшилангунча бир ой кутишига тўғри келган.

Кейинроқ самолёт Япониядан Гавайи оролларига учиб ўтган ва у ерга ўтган йилнинг 3 июлида етиб келган. Шундан кейин самолёт батареялари қизиб кетгани сабабли шикастлангани аниқланган. Уларни алмаштириш учун узоқ вақт талаб этилган ва самолётнинг кейинги парвози 2016 йилгача қолдирилганди.