Тим Кук XVII асрдаги суратлардан бирида iPhone чизилганини гапириб берди
Яқинда Амстердамда ўтган тадбирда Apple раҳбари Тим Кук 17-асрда чизилган суратлардан бирида iPhone тасвирини кўрганлигини айтиб, хазиллашди. Бу ҳақда CNBC хабар бермоқда.
«Мен iPhone қачон ихтиро қилинганлигини яхши биламан. Аммо бир сафар дўстларимдан бири мени бир жойга бошлаб борди ва биз у ерда Рембрандт қаламига мансуб суратлардан бирини томоша қилдик. Суратдаги бир тасвирни кўриб ҳайрон бўлдим. Чунки у ерда iPhone’нинг тасвири туширилган эди», — деди Кук.
Аслида Кук гапираётган сурат Рембрандт қаламига мансуб эмас, у 17-асрда ижод қилган голландиялик рассом Питер де Хох томонидан чизилган. 1670 йилда чизилган ушбу сурат “Эркак хонада ўтирган аёлга мактуб олиб келяпти” деб номланади. Суратдаги эркак мактубни шундай ушлаб олганки, унинг бош бармоғи iPhone смартфонидаги Home тугмаси жойлашган жойга тўғри келади.