Жамият | 14:21 / 26.05.2016
8636
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳар имом-хатиблари ва отинойиларнинг навбатдаги йиғилиши ўтказилди

24 май куни Тошкент шаҳридаги “Шайх Зайниддин” жоме масжидида Тошкент шаҳар имом-хатибларининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Тадбирда Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти ҳамда Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Шуҳрат Турдиқулов иштирок этди.

Йиғилишга раислик қилган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси муфтий Усмонхон Алимов йиғилганларни яқинлашиб келаётган муборак Рамазон ойи билан муборакбод этиб, бу ойни кўтаринки руҳ, ўзгача тароват билан ўтказилишида имом-хатиблардан катта жонбозлик талаб этилишини айтиб ўтди. 

Шундан сўнг, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг масжидларда Рамазон ойини муносиб тарзда кутиб олиш, ўтказиш ва масжидларда тайёргарлик ишларини янада жадаллаштириш тўғрисидаги буйруғи ўқиб эшиттирилиб, мазкур буйруқ ижроси бўйича келиб чиқадиган вазифалар муҳокама этилди. Жумладан, 4 июнь куни масжидларда ҳашар уюштирилиб, таровиҳ намозларига тайёргарлик ишларини охирига етказиш белгиланди. Масжидларда таровиҳ намозларида мусулмонларга қулай шароитлар яратиш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш масалалари аниқланди. 

Куннинг иккинчи ярмида Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган отинойилар учун ҳам йиғилиш ўтказилди. Унда отинойиларнинг муборак Рамазон ойидаги тадбирлари режаси белгиланди. Диний соҳа вакилаларининг бу муқаддас ойда хотин-қизлар ўртасида Рамазон ойи фазилатлари, жойлардаги маросим, ифторликларда исрофгарчиликлар олдини олишга қаратилган суҳбатлар ўтказишлари, шунингдек, бу ойдаги эзгулик, меҳр-мурувват ишларини тўғри ва оқилона ташкил этишлари, ҳар қандай саховат ишларини ҳақдор кишилар, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга кўрсатилишига тарғиб этишлари лозимлиги уқтирилди.