Ўғри ўғирланган буюмлар билан бирга афв этиш хатини ташлаб кетди
Кентукки штати Франкфорт шаҳри шерифи бир ўғрининг ўғирланган буюмларни қайтариб, узр сўраб ёзилган хат билан ташлаб кетганини сўзлаб берди. Бу ҳақида CNN хабар беради.
Маълум бўлишича, ёш йигит Франкфортдаги қайиқлар бекатидан понтон қайиқни (вақтинчалик кўприк ва бошқа иншоотларни сувда кўтариб туриш учун хизмат қиладиган ости ясси қайиқ ёки кема) ўғирлаб кетган, йўлдан уч дўстини олиб дарёда сузишган. Шундан сўнг ошналар қайиқлар бекатига қайтишган, у ерда йигитлар бошқа қайиқлардан телевизор, спиртли ичимликлар ва бошқа нарсаларни ўғирлашган. Қайиқни эса бекатда қолдиришган.
Видеокузатув камерасида жиноий қилмишлар муҳрланиб қолган. Полиция ушбу кадрларни Facebook саҳифасига жойлаштирган.
Шерифнинг айтишича, бу иш кутилмаган самарани берди. Ўғрилардан бири қайиқлар бекатига келиб, ўғирланган буюмларнинг барчасини зиён етмаган ҳолда жойига қўйди ва узр сўраб ёзилган хат ҳам ташлаб кетди.
"Афсусдаман. Нима учун бундай қилганимни билмайман. Мен аслида ундай инсон эмасман. Бирор марта шундай иш қилганимни эслай олмайман. Бу билан ҳаммаси ҳал бўлмаслигини биламан, аммо бу менинг эмас, сизнинг буюмларингиз. Такрор ва такрор афсусдаман", - дейилади хатда.
Шерифнинг маълум қилишича, гумондор шахслар ҳали ҳибсга олинмаган, лекин у узр сўраб ёзилган хат вазиятни юмшатиши мумкинлигини таъкидлаган.