Меҳнат вазири Корея Республикаси Миллий Ассамблеясининг атроф муҳит ва меҳнат Қўмитаси раиси билан учрашди
2016 йил 24 май куни Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлигида вазир Азиз Абдуҳакимов Корея Республикаси Миллий Ассамблеясининг атроф-муҳит ва меҳнат Қўмитаси раиси Ким Ёнг Жо хоним бошчилигидаги делегация билан учрашди.
Вазир ўз кириш сўзида Ўзбекистон ҳукумати томонидан аҳоли бандлигини таъминлаш, меҳнат ҳуқуқи муҳофазасини кучайтириш ва муносиб меҳнат шароитини яратиш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Шунингдек, Меҳнат вазири парламент, вилоят ва туман ҳокимликлари мисолида мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш масаласи ижобий ечимини топиши натижасида хотин-қизлар тенг ҳуқуқлар асосида меҳнат фаолияти юритаётганига алоҳида урғу берди.
Ўз навбатида делегация вакиллари йиғилганларга ўз ташрифларининг мақсади, шунингдек Миллий ассамблея фаолияти хусусида сўзлар экан, Ўзбекистоннинг бой маданияти ва маънавий мероси кореяликлар томонидан юксак даражада қадрланиши ҳамда Ўзбекистонни Марказий Осиё ҳудудидаги стратегик ҳамкор сифатида тан олишларини қайд этишди.
Дўстона руҳда ўтган учрашувда томонлар яқин истиқболда икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш юзасидан суҳбатлашишди. Жумладан, меҳнат миграцияси, касбга қайта тайёрлаш тизимини ташкил этиш ва Корея тажрибаси асосида аҳоли бандлигини таъминлаш ишларини такомиллаштиришда ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг самарадорлигини оширишга келишиб олишди.