Жамият | 18:58 / 26.05.2016
7856
2 дақиқада ўқилади

Винни-Пух илк маротаба Елизавета II билан учрашди

Айиқча Винни-Пух биринчи марта Британия қироличаси Елизавета II билан учрашди, деб хабар беради Sky News. Уларнинг учрашуви ҳақида янги «Винни-Пух ва қироллик туғилган куни» китоби ҳикоя қилади. 

2016 йилда эртак қаҳрамони ҳам, қиролича ҳам 90 ёшли юбилейини нишонлади. Китоб мана шу аҳамиятли воқеалар шарафига босма ҳамда аудиоформатда чиқарилди. Овоз ёзиш ишларида «Оскар» мукофоти соҳиби Жим Бродбент ҳам иштирок этди. 

Ҳикояда Винни-Пух Кристофер Робин, Пучуқвой ва Иа-Иа билан қироличага махсус совға бериш мақсадида Букингем саройига йўл олади. Қаҳрамонлар қиролича Елизавета II ни саройда сайр қилаётган пайти тасодифан учратиб қолишади. 

Қайд этилишича, болалик чоғида бўлажак қиролича Винни-Пух ҳақидаги эртакларни яхши кўрган. Айиқча ва унинг дўстлари ҳақидаги оригинал ҳикоя муаллифи Алан Александр Милн ҳисобланади. Янги ҳикояни эса Жейн Риордан ёзган, деб маълум қилади The Mirror.