Жамият | 19:42 / 26.05.2016
6320
1 дақиқада ўқилади

Жамала Украина бўйлаб гастроль сафарига йўл олди

"Евровидение-2016" халқаро мусиқий танлови ғолиби Жамала Украина бўйлаб гастроль сафарларига йўл олди. "Укринформ"нинг хабар беришича, хонанда сафарини Тернополдан бошлади. 

"Швециядаги танловнинг финал босқичида мен сизлар учун, Украина учун куйладим ва чин дилдан ғалаба қозонишни истадим", - деди Жамала "Березиль" маданият уйидаги чиқишидан кейин.

Жамаланинг сўзларига кўра, уни ғалаба билан биринчи бўлиб шоира Лина Костенко табриклаган. У шундай шоира билан бир вақтда яшаётганидан бахтиёр эканлигини билдирди.

Концертда қўшиқчи янги "Нафас" альбомидан олинган қўшиқларини ижро этди. "1944" композицияси куйланаётган вақт томошабинлар саҳнага қрим-татар байроғини олиб чиқишди, йиғилганлар эса Жамалани тик туриб тинглашди. 

Бундан аввал Украина президенти Петро Порошенконинг Жамалага Украина халқ артисти унвонини топширгани ҳақида маълум қилинган эди.