Қозоғистонда журналистлар ҳуқуқини ҳурмат қилишга чақирилди
Қозоғистон ички ишлар вазирлиги раҳбари Калмуханбет Касимов журналистлар ҳуқуқларини ҳурмат қилишга ундовчи буйруқ чиқарди. Бу ҳақда 27 май куни Республика ИИВ давлат тил ва информация департаменти директори Алмас Садубаев маълум қилган.
Унинг маълум қилишича, 21 май куни полицияга рухсат этилмаган акция иштирокчилари ва ташкилотчилари келтирилган.
"Улар билан бирга ОАВ вакиллари ҳам қўлга олиниб, олиб келинган. Кейинроқ улар қўйиб юборилган. Қозоғистон ИИВ раҳбари мазкур иш юзасидан йиғилиш ўтказиб, журналистларнинг ўз вазифаларини адо этишлари учун уларнинг ҳуқуқларига ҳурмат билан қараш лозимлигини таъкидлади ва шунга монанд керакли буйруқ имзолади”, — деди Садубаев.
Садубаевнинг айтишича, авваламбор, ОАВ вакили бундай тадбирларга журналист ёки фуқаро сифатида бораётганини англаб етиши керак. Оммавий тадбирларда журналист ва фуқаро ҳуқуқлари ҳар хил бўлади.
"Оммавий акцияларда иштирок этаётган журналистларда махсус гувоҳномалар, бейджиклар ёки ОАВ белгисини англатиб турувчи ҳужжатлар бўлиши керак", — деб ўтган департамент директори.