Жаҳон | 14:54 / 27.05.2016
4485
2 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистони ТИВ: Биз нефтга юқори нарх белгиловчи ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватламаймиз

Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири Одил ал-Жубайр RT'га берган эксклюзив интервьюсида расмий Ар-Риёднинг нефть бозоридаги мақсадлари ҳамда кимни қўллаб-қувватлаши ҳақида сўзлаб берди. 

Дипломат Россия Федерацияси ва Саудия Арабистонининг энергетика соҳасидаги ҳамкорлик лойиҳалари ҳамда қиролнинг Москвага ташрифи бўйича позицияси тўғрисида маълумот берди. 

Вазир Саудия Арабистонига қўйилган айблов - мамлакат нефть нархини беқарорлаштириб, сиёсий рақибларига таъсир ўтказмоқчилигини инкор қилди. Одил ал-Жубайр бундай миш-мишларнинг ҳақиқатга тўғри келмаслигини билдирди. Унинг фикрича, бундай мулоҳазалар фитна ҳисобланади. Саудия Арабистони нефть муаммосини сиёсийлаштирмайди. 

"Саудия Арабистони нефть мавзусига фақат иқтисодий позициядан келиб чиқиб ёндашади. Бозор талаб ва таклифга қарамай нефть баҳосини белгилайди. Саудия Арабистонининг мақсади - бозордаги улушини сақлаб қолиш ва нефтга юқори баҳо белгиловчи ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватламаслик", - деди Саудия Арабистони ташқи сиёсий идораси раҳбари мамлакат позициясига изоҳ берар экан.  

Шу билан бирга Одил ал-Жубайр Саудия ва Россиянинг ҳамкорликдаги инвестиция фонди ҳақида сўз юритди. Унинг сўзларига кўра, фонд 10 миллиард доллар устав капиталига асосланган. Мазкур фонд Россия ва Саудия Арабистони лойиҳаларига инвестиция киритишга йўналтирилган. 

"Россиянинг қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларида саудия инвестицияси масаласи кўриб чиқилмоқда. Консультациялар ўтказилмоқда ҳамда энергетика соҳасида ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда. Илм-фан, космосни ўрганиш соҳасида ҳамкорлик қилинмоқда. Биз Россия ва Саудия Арабистони ўртасидаги муносабатлар яқин кунларда янгича тус олишига умид қиламиз", - деди ТИВ раҳбари.