ЮНИСЕФ ваколатхонаси раҳбари Тошкентдаги миссиясини якунламоқда
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 27 май куни мамлакатимиздаги миссиясини якунлаётган БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ) Ваколатхонаси раҳбари Роберт Фюдерични қабул қилди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда Ўзбекистон ва ЮНИСEФ ўртасидаги муносабатлар ҳолати ва ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди ҳамда алоқаларнинг конструктив ва ўзаро манфаатли тусга эга эканлиги қайд этилди.
Суҳбат чоғида 16 апрелда имзоланган 2016-2020 йилларда ЮНИСEФнинг Мамлакатимизга оид ҳамкорлик дастурининг муваффақиятли амалга оширилишидан томонлар манфаатдор эканлиги билдирилди.
ЮНИСEФ ваколатхонаси раҳбарига ҳамкорликнинг турли соҳаларидаги амалий масалаларни ҳал этишга қўшган шахсий ҳиссаси учун миннатдорчилик билдирилди.
Роберт Фюдерич ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасига 2013 йил кузидан буён раҳбарлик қилиб келаётган эди. Унгача ЮНИСЕФнинг Ямайкадаги ваколатхонасини бошқарган (биография).