Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Жиззахда “Ўзбекистон – умумий уйимиз” дўстлик ва маданият фестивали бўлиб ўтди
Жиззахда Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллиги ҳамда Соғлом она ва бола йилига бағишлаб “Ўзбекистон – умумий уйимиз” дўстлик ва маданият фестивали бўлиб ўтди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Байналмилал маданият маркази, Жиззах вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилди.
Жиззах вилоятида бугунги кунда қирққа яқин миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқ яшаб келмоқда. Улар ўз урф-одат ва расм-русумларини тўлиқ адо этиши, миллий анъана ва қадриятларини асраб-авайлаши, ривожлантириши учун барча шароит яратилган.
Тадбир доирасида Абдулла Қодирий номидаги Жиззах давлат педагогика институти, Жиззах политехника институтида, шунингдек, Пахтакор, Арнасой ва Янгиобод туманларида “Миллий ва диний бағрикенглик – барқарорлик омили”, “Қудратимиз – бирлик ва ҳамжиҳатликда“ мавзуларида давра суҳбатлари ўтказилди. “Соғлом авлод тарбиясида миллатлараро тотувликнинг ўрни” мавзусидаги илмий-амалий семинар ҳамда “Биз – сенинг фарзандларингмиз, Ўзбекистон!”, “Соғлом она, соғлом бола – миллат бахти” номли кўргазмалар ташкил этилди. Унда турли миллатлар маданияти ва санъати намуналари, ҳунармандлик маҳсулотлари, миллий либослари намойиш этилди.