Жамият | 06:40 / 28.05.2016
4700
1 дақиқада ўқилади

Франция касаба уюшмалар ҳаракати Европа чемпионати ўтказилишига тўсқинлик қилмоқчи

Франция касаба уюшмалар ҳаракати Force ouvriere мамлакатда ўтказиладиган футбол бўйича 2016 йилги Европа чемпионати ўтказилишига тўсқинлик қилмоқчи. Бу ҳақда транспортчилар вакили Патрик Клос маълум қилди.

"Ўйин кунлари чемпионат ўтказиладиган ҳар бир шаҳарда иш ташлашлар ташкил қилмоқчимиз", деб айтди Клос Reuters ахборот агентлигига. 

Унинг айтишича, иш ташлашлар юк ташишлар, жамоатчилик транспорти, тез ёрдам машиналари ва чиқиндиларни йиғувчи транспорт воситаларига тааллуқли бўлади.

Касаба уюшмалар бу қарорларини Францияда муҳокама қилинаётган ва норозиликлар келтириб чиқарган янги меҳнат кодекси билан тушунтирмоқдалар. Янги қонун иш берувчиларга ходимларни ишдан бўшатиш жараёнини енгиллаштиради ва иш вақтини ҳақ тўламасдан оширишга имкон беради.

Эслатиб ўтамиз, чемпионат 10 июндан 10 июлгача ўтказилади.