Қирғизистонда яна селлар юз берди
28 май куни Қирғизистонда қайта бошланган кучли ёмғирлар оқибатида Қадамжо туманида яна селлар юз берди. Оқибатда 5 киши ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда Қирғизистон ФВВ.
27 май куни Қадамжо туманида кучли ёғингарчиликдан кейин сел оққан. Лой-тош аралашмасидан иборат оқим Ўш-Айдаркен автомобиль йўлидаги ўнлаб машиналарни ювиб кетган. Машиналардан бирида бўлган 5 киши – икки эркак, икки аёл ва бола ҳалок бўлган. Оқим билан олиб кетилган 6 ёшли бола қутқариб қолинган. Қутқарувчилар 27 май кечки пайт сел оқиши оқибатида йўқолиб қолган 3 ёшли болани қидиришмоқда.
"Қадамжо туманида дўл билан кучли ёмғир ёққан. Ўш-Айдаркен автомобиль йўлининг 125-132 км ларида сел оққан. Автомобилларга йўл орқали қатнов ёпилган", деб хабар бермоқда ФВВ.
Маълум қилинишича, янги сел кўприкни ювиб кетган, электр таъминот устунларини ағдарган. Қадамжо шаҳрида бир неча кўча тошқин остида қолган.
Охирги 1,5 ой ичида баланд тоғли Қирғизистонда 50 дан кўпроқ фавқулодда вазият юз берган, улардан кўпи кучли ёмғирлар сабабли юзага келган сел оқими ва кўчкилар билан боғлиқ бўлган.