Жаҳон | 11:34 / 29.05.2016
9762
1 дақиқада ўқилади

ИШИД жангарилари Ҳалабдаги бир қанча қишлоқларни эгаллаб олди

ИШИД жангарилари Сурия шимолидаги Ҳалаб ҳудудида ҳужум қилишда давом этиб, бир қанча қишлоқларни қўлга киритган.

"ИШИД жангариларининг Сурия озодлик армияси позицияларига ҳужумга ўтиши оқибатида Ҳалабдаги Азаз туманида Кафер-Брейша, Татия, Ниара, Кафер-Калбин ва Жибрин ҳудудлари бой берилди", дейилган Сурия Мудофаа вазирлиги хабарида.

Шунингдек, "Фронт ан-Нусра" жангарилари 28 май куни давомида миномётлардан Ҳалабдаги аҳоли турар жойларини ва Ан-Найраб аэропортини ўққа тутган.

"Жабҳат ан-Нусра жангарилари ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш бўйича сулҳни бузиш учун ҳаракатларни давом эттирмоқда. Кун давомида Ҳалабдаги шайх Мақсуд ва Ал-Холидия кварталлари ўққа тутилди", дейилган Россия Мудофаа вазирлиги хабарида.

Шунингдек, Латақия вилоятида жангарилар Раша, Ард-ал-Вата ва Кермель пунктларига ҳужумларни давом эттирмоқда.