Исроил сурияликлар томонидан қўлга олинган танкнинг қайтарилиши учун Путинга миннатдорчилик билдирди
Россия Исроил армияси томонидан 1980-йиллар бошида биринчи Ливан уруши вақтида Сурия армияси билан жангда йўқотган "Магах" танкини Исроилга қайтарадиган бўлди. Бу ҳақда Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху девонхонасига иқтибос келтирган ҳолда ТАСС ахборот агентлиги хабар берди.
Ҳарбий машина Исроил бош вазирининг илтимосига биноан Россия президенти Владимир Путин кўрсатмаси бўйича қайтарилмоқда.
"Биз мумкин бўлган барча йўллар билан танк экипажи аъзолари – Цви Фельдман, Захария Баумел ва Иегуда Кац билан нима юз берганини аниқлашни давом эттирмоқдамиз ва буни билмагунимизча тинчимаймиз. Ҳозир эса мен Россия президентига бу инсонпарварлик илтифоти учун миннатдорчилик билдирмоқчиман", деб айтди Нетаньяху. Ҳозирча танк Исроил мудофаа армиясининг урушда бедарак йўқолган аскарлари оилалари учун ягона хотира бўлиб саналади.
"Магах" танки (АҚШнинг М48 танки версияси) 1982 йилда Жанубий Ливандаги Султон-Ёқуб аҳоли пунктидаги жангда қўлга олинган. Кейинроқ танк Собиқ иттифоққа берилган ва ҳозирда Москва вилоятидаги музейда сақланади. Танк экипажининг 3 нафар аъзоси тақдири ҳамон номаълумлигича қолмоқда.