Манба: Сурия махсус хизматлари ЕИни Париж терактлари ҳақида огоҳлантирган эди
Европа мамлакатлари махсус хизматлари Сурия разведкаси билан яқин алоқалар ўрнатган ва маълумотлар алмашишда ҳамкорлик қилиб келган. Немис нашрларига таяниб ТАСС агентлигининг хабар қилишича, Дамашқдагилар Европа Иттифоқини Парижда амалга оширилиши режалаштирилган терактлар ҳақида огоҳлантирган.
Манбанинг маълумотига кўра, Сурия ҳукумати ЕИга Париж терактларининг олдини олишда ёрдам бериши мумкин бўлган маълумотларни тақдим этганди.
Бундан ташқари, Сурия разведкаси европаликларга минглаб паспортларнинг рақамларини юборган. Бу паспортларга ИШИД жангарилари 2015 йилнинг ёзида Раққада эга бўлганди. Бу паспортларда муҳрлар қўйилган, лекин улар бошқа маълумотлар билан тўлдирилмаган бўлган. Жангарилар шу паспортлар орқали Европа ҳудудига қочқинлар мақомида ўтган бўлиши мумкин.