ОАВ: Лондон НАТО дастури бўйича Болтиқбўйига танк гуруҳини юбориши мумкин
Буюк Британия НАТОнинг янги дастури доирасида Эстония, Латвия ва Литвага минглаб ҳарбийларни юбориш имкониятини кўриб чиқмоқда, деб хабар бермоқда ҳарбий манбаларга иқтибос келтирган ҳолда Times нашри.
Нашр маълумотларига кўра, Лондон артиллерия билан жиҳозланадиган тактик танк гуруҳини юборишни режалаштирмоқда. Ушбу масала Варшавада июлда ўтадиган саммитда қабул қилинади.
Бундан ташқари, альянс НАТО мудофаа қобилиятини ошириш учун Шарқий Европада танк ва бошқа оғир қуроллар омборларини жойлаштириш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Аввалроқ Буюк Британия ташқи ишлар вазири Филип Хаммонд НАТО альянсни кучайтириш доирасида Шарқий Европа давлатларида ротация асосида 4-5 батальон жойлаштириши мумкинлигини айтганди. Wall Street Journal нашри маълумотларига кўра, АҚШ Болтиқбўйи давлатларига иккита батальон юбориши, Германия ва Буюк Британия қуролли кучлари яна биттадан батальон тақдим қилиши мумкин.
Май ойи бошида АҚШ Давлат котиби ўринбосари Энтони Блинкен НАТО минтақада ротация асосида 4 минг ҳарбий жойлаштиришини маълум қилганди. НАТО бош котиби Йенс Столтенбергнинг айтишича, НАТО кўмондонлиги Европа шарқидаги бир нечта давлатларда кўп миллатли батальонлар жойлаштиришни тавсия қилган, бироқ ҳарбийларнинг сони ва жойлаштириладиган аниқ жойи бўйича қарор июлдаги саммитда қабул қилинади.