Жаҳон | 17:02 / 30.05.2016
3628
2 дақиқада ўқилади

Барселона метроси ходимлари 4 кунлик иш ташлаш ўтказмоқда

Барселона метроси ходимлари, 30 май кунидан 4 кунлик иш ташлашни бошлашди. 

Ерости транспорти ҳаракати 30 ва 31 май ҳамда 1 ва 2 июнь кунлари қисман тўхтатилади, деб хабар қилмоқда La Vanguardia.

Касаба уюшмалари шаҳар метроси раҳбариятидан компания ишчилари билан иш ҳақини ошириш ва узоқ муддатли шартномалар тузиш имконини берувчи битим имзолашни талаб қилмоқда. 

Хабарларга кўра, иш ташлашнинг илк соатларидаёқ (поездлар ҳаракати эрталабки тиғиз вақтлар соат 7-9 оралиғида қисман тўхтатилган, яъни оралиқ вақти узайтирилган), метрода узун навбат сафлари ва лиқ тўла вагонларни кўриш мумкин бўлди. 

Бу ҳолат шунингдек, 30 май куни кечки 16дан 18гача бўлган вақт мобайнида яна такрорланади. 

1 ва 2 июнь кунги иш ташлашларда Барселонада Primavera Sound мусиқа фестивали бўлиб ўтиши керак. У 15 йилдан бери ҳар йили Каталония пойтахтида ташкил этади. 

Қайд этиш жоизки, бу Барселона метросининг йирик ижтимоий анжуманлар чоғида амалга ошираётган биринчи иш ташлаши эмас. 22-24 февраль кунлари бўлиб ўтган Халқаро мобиль конгресси вақтида ҳам метро касаба уюшмалари иш ташлаш билан норозилик намойишини ўтказган эди.