Хитой орбитага учта сунъий йўлдош чиқарди
30 майда Хитойнинг Шаньси вилоятида жойлашган Тайюань космодромидан "Чанчжэн-4Б" ракета ташувчиси фазога муваффақиятли учирилди. Ракета ёрдамида белгиланган орбитага учта – Хитойнинг "Цзыюань-3-02" ва Уругвайнинг иккита микро сунъий йўлдошлари чиқарилди.
Космодром матбуот хизматининг таъкидлашича, бу парвоз "Чанчжэн" сериясидаги ракета-ташувчиларнинг 228-сонли парвози бўлди.
"Цзыюань-3-02" йўлдоши картографик фуқаролик қурилмаси бўлиб, юқори сифатли суратга олиш ва уч ўлчамли тасвирларни яратишга мўлжалланган. Йўлдошнинг асосий мақсади Хитой ер захираларини тадқиқ ва мониторинг қилиш, табиий офатлардан огоҳлантириш ва улардан кўриладиган зиённи минималлаштиришда ёрдам беришдан иборат. Сунъий йўлдош шаҳар режалаштириши, қурилишда ёрдам беради, қишлоқ, ўрмон хўжаликларининг турли соҳаларида фойдали бўлади.
Уругвай йўлдошлари нима билан шуғулланиши маълум қилинмаган.