Жаҳон | 16:58 / 30.05.2016
4991
2 дақиқада ўқилади

Кремль Туркия билан муносабатларни ишчи гуруҳ воситасида тиклай олмайди

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг баёнотига кўра, расмий Анқаранинг Россия билан муносабатларни нормаллаштириш учун ишчи гуруҳ тузиш таклифи муаммони ҳал қилмайди, унга фақатгина Туркия раҳбарияти ечим топа олади, деб хабар қилмоқда РИА «Новости».

«Менинг фикримча, Туркия томонининг мазкур баёнотига жавобни президент Путин сўзларида топиш мумкин. Президент Путин Россия қарашини аниқ баён қилган эди. У, муаммога барҳам бериш йўлида ҳаракатлар амалга оширилаётгани хусусида сўз юритиб, ишчи гуруҳ масалага ечим топа олмаслигини таъкидлаганди», — деган Песков.

Песковнинг сўзларига кўра, ушбу ҳолатда барча масъулият Туркия раҳбарияти зиммасидадир. 

«Туркия раҳбарияти, президент Путиннинг Афинада такрор маълум қилган ҳаракатларни амалга ошириши мумкин», — дея қайд этган матбуот котиби.

Бундан аввал, Туркия бош вазири ўринбосари Нўъмон Куртулмуш, расмий Анқара рус-турк муносабатларининг тезроқ нормаллашувидан умид қилаётганини билдирган эди. Унинг сўзларига кўра, икки мамлакат ўртасида ҳал қилинмайдиган муаммо мавжуд эмас. 

Бунгача, Туркия ТИВ Мавлут Чавушўғли Россия-Туркия муносабатларини тиклаш учун қўшма ишчи гуруҳ тузиш таклифини билдирган эди.