Самарқанд шаҳрида «Китоб олами» маърифий мажмуаси очилди
28 май куни Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги ва Самарқанд вилоят ҳокимлиги томонидан, яқин ҳамкорликда ташкил этилган «Самарқанд китоб олами» мажмуасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур мажмуа 871 квадрат метр майдонни эгаллаган бўлиб, унда 22 йўналишдаги адабиётлардан таркиб топган савдо жавонлари ўрнатилган ва уларга республикамиз нашриётлари томонидан нашр этилган 2000 номда, 40 минг нусхадаги китоблар жойлаштирилган. Китоб-савдо мажмуасига ташриф буюрувчи китобхон-харидорга қулай шароитлар яратилган. Айниқса, болалар бурчаги, «боок-cафе» каби қулайликлар борки, ҳатто оилавий ташриф буюрувчи, қолаверса барча ёшдаги китобхонлар эҳтиёжи ҳисобга олинган.
Мажмуанинг очилиш маросимини Самарқанд вилоят ҳокими З. Мирзаев сўзга чиқиб очиб берди. Сўнг Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директори А. Юнусов мажмуанинг олдида турган мақсад ва вазифалари, соҳани ривожлантириш йўлида амалга оширилган ишлар ҳақида айтиб ўтди. Тантанали маросимда шоир ва ёзувчилар, ёш ижодкорлару нуронийлар, умуман, китобга иштиёқманд барча эзгу қалб эгалари иштирок этди. Шеърхонлик, ёш китобхонлар викторинаси, мумтоз куй ва қўшиқлар тадбирга ўзгача шукуҳ берди. Шундан сўнг йиғилганлар мажмуа ва ундаги бўлимлар, яратилган шароитлар билан танишдилар.
«Соғлом она ва бола йили» Давлат дастурига асосан халқ маънавиятини юксалтириш, ҳамда адабиётга, маънавиятга, миллий қадриятларни асраб-авайлаш ва улуғлаш, ёш авлоднинг онгу шуурига миллий мустақиллик ғояларини сингдириш ва ватанга юксак садоқат руҳида тарбиялашга ҳисса қўшиш, ёшларни интеллектуал ривожланган ва маънан баркамол қилиб вояга етказиш, аҳолининг, айниқса ёшларнинг миллий адабиётимизга ва жаҳон адабиёти дурдоналарига бўлган қизиқишини қондириш ҳамда оилавий китоб ўқиш анъаналарини тарғиб қилиш, ёзувчи ва китобхон ўртасидаги мулоқотни кучайтириш мақсадида мазкур мажмуа ташкил этилди.
Бухоро ва Хоразм вилоятлари марказларида ҳам «Китоб олами» мажмуалари қурилиши ишлари якунланди. Ушбу мажмуаларнинг фойдаланишга топширилиши яқин кунларда кўзда тутилган.
Сўнгги ойларда Ўзбекистонда очилаётган «Китоб олами» маънавий-маърифий савдо мажмуаларига республика нашриётлари томонидан энг сара адабий-бадиий, илмий, илмий-оммабоп, энциклопедик, ижтимой-сиёсий ҳамда маърифий йўналишдаги адабиётлар етказиб берилади.
Бундан олдин, 2015 йил 2 ноябрда Тошкент шаҳрида, 2016 йил 27 апрелда Нукус шаҳрида, 21 май куни Наманган ва Фарғона шаҳарларида ҳамда 22 май куни Андижон шаҳрида «Китоб олами» мажмуалари очилгани ҳақида хабарлар берилган эди.