Жаҳон | 12:51 / 30.05.2016
3278
2 дақиқада ўқилади

Таиландда яна бир Зика вируси билан касалланиш ҳолати қайд этилди

Таиланднинг шимоли-шарқида Зика вируси қайд этилган янги ҳолат аниқланди. Зика вирусини юқтирган бемор яшовчи Таиланднинг Удонтхани провинцияси ҳукуматининг хабар беришича, шу мамлакат фуқароси Тайвань аэропортига келиши биланоқ касаллик аломатлари билан ушлаб қолинган.

"Биз вирус тарқалмаслиги устида ишлаяпмиз. Беморнинг оила аъзолари тиббиёт ходимлари назорати остида", - дея хабар берди провинциянинг соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбари Мит Прасаннакарн.

Зика вирусини юқтириш ҳолати шу йилнинг ўзида учинчи марта қайд этилмоқда. Январь ойида Удонтхани провинциясидан чиққан киши Тайвань аэропортида юқори ҳарорат билан ушлаб қолинган. Лабаратория тадқиқотлари натижасига кўра, унда Зика вируси аниқланган. Кейинроқ Бангкокда яна бир шундай ҳолат қайд қилинган. 

Таиланд соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, Зика вируси илк маротаба 2012 йилда қироллик ҳудудида аниқланган. Таиландда ҳар йили Зика безгаги қайд этилган бештача ҳолат аниқланади. 

Агар ўз вақтида шифокорга мурожаат қилинса, бу касаллик ўлим хавфини келтирмайди, аммо ҳомиладор аёлларга жиддий хавф солади. Инфекция Aedes Aegypti чивини орқали юқади. Унинг белгилари чикунгунье ва денге касалликларникига ўхшаш: юқори ҳарорат, конъюнктивит, бош оғриқлар, теридаги тошмалар, бўғим ва мушаклардаги оғриқлар.