Ассанж: террорчилик билан кураш Франция учун ўта салбий оқибатларга олиб келиши мумкин
Франция ҳукумати томонидан 2015 йилдаги терактлардан кейин террорчиликка қарши кўрилаётган фаол чоралар демократия учун жиддий таҳдид ҳисобланади ва бу мамлакат учун ўта салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Бундай фикрни WikiLeaks сайти асосчиси Жулиан Ассанж 31 майда I-Tele телеканали эфирида чиққан интервьюсида билдирди.
"Францияда фавқулодда вазиятга тааллуқли жиддий муаммолар мавжуд. Террорчиликка қарши кураш бўйича қонунлардан келиб чиқувчи асосий эркинликларнинг бузилиши ҳолатлари мавжуд. Бироқ Францияда террорчилик муаммоси ҳақиқатда мавжуд, бу эса баъзи суиистеъмолликларни қандайдир бўлса ҳам оқлайди. Буюк Британияда худди шу вазият ўзига хос тарзда ривожланмоқда ва буни қироллик аҳолиси қораламоқда", деб айтди Эквадорнинг Лондондаги элчихонасидан туриб видеоалоқа орқали франциялик журналистларга Ассанж.
Ассанжнинг фикрича. Франция террорчиликка қарши курашишнинг кўплаб йўлларидан демократик давлат учун энг хавфлиларидан бирини танлади. "Жуда баҳсли нарса айтаман. Террорчиликни тажовузкор йўсинда йўқ қилиш учун Франция Шенген доирасида одамларнинг эркин ҳаракатланишига нуқта қўйса, чегараларда қаттиқ назоратни ўрнатса бўларди. Ливиянинг йўқ қилинишида иштирок этмаса, Суриядаги ихтилофдан четда қолса бўларди", деб санаб ўтди Ассанж.
"Бироқ, ўзининг империализми ва АҚШга ёқиш истаги сабабли Франция учинчи йўлни – оммавий кузатувни танлади. Бироқ савол бу кузатув террорчиликка қарши курашда қанчалик самарали эканлигида. Жуда оз миқдорда фойдали. Шу билан бирга бу ўрта муддатли истиқболда демократия, ҳуқуқий давлат учун жиддий хавфдир. Бу террорчиликнинг якка ҳолатлари ўрнига террорчилик давлатининг вужудга келишига олиб келиши мумкин", деб қўшимча қилди Ассанж.