“Ер куррасида тинчлик” расмлар кўрик-танловининг мамлакат босқичи бўлиб ўтди
Ўзбекистон Бадиий академияси Марказий кўргазмалар залида Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишлаб мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида “Ер куррасида тинчлик” расмлар кўрик-танловининг мамлакат босқичи бўлиб ўтди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.
Танлов икки босқичдан иборат бўлиб, биринчи босқич жорий йилнинг апрель – май ойларида ўтказилди. Унда ҳудудий миқёсда ғолиблар аниқланди.
Танловда 3-6 ёшли болалар ўртасида Жиззах вилояти Дўстлик туманидаги 9-мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчиси Эъзоза Баҳромқулова, 7-11 ёшли қатнашчилар ўртасида Тошкент шаҳар Яшнобод туманидаги 69-умумтаълим мактаби ўқувчиси Лайло Қўчқорова, 12-15 ёшли ўғил-қизлар ўртасида Хоразм вилоятининг Урганч туманидаги 36-умумтаълим мактаби ўқувчиси Мухлиса Қурбонова биринчи ўринни қўлга киритди.
Ғолиб ва совриндорларга диплом ва совғалар топширилди.