Жаҳон | 16:43 / 31.05.2016
6525
2 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи Россияни "стратегик муаммо" деб ҳисоблайди

Европа дипломатияси раҳбари Федерико Могерини маъмурияти томонидан тайёрланган, ЕИ ташқи сиёсатининг ўртамуддатли истиқболига оид стратегиясида, ЕИнинг Россия билан муносабатлари "стратегик муаммо" деб баҳоланган. Бу ҳақда, Еврокомиссия билан ҳамкорлик қилувчи EurActiv интернет портали хабар қилган. 

"Ҳамкор ҳам, душман ҳам эмас, балки стратегик муаммо, бу фикримча энг яхши дипломатик иборадир", — дея Европа бош дипломати сўзларидан иқтибос келтиради ОАВ. 

Бундан ташқари, ҳужжат лойиҳасида, ЕИнинг Россия билан халқаро майдондаги ўзаро алоқаси "чекланган ҳамкорлик", деб таърифланган.

Бунда, Могеринининг тан олишича, Иттифоқнинг айрим мамлакатлари бундай талқин қилиш ўта кескин кайфиятни билдиради, деб ҳисоблайди ва уларни юмшатишни хоҳлашади. Аммо, ЕИнинг бошқа аъзолари Россия "Украинадаги агрессор давлат" сифатида баҳоланишини исташади.

Шу йилнинг 28-29 июнь кунлари ЕИга аъзо 28 давлат ва ҳукумат раҳбарлари мазкур лойиҳани муҳокама этиб, уни қабул қилиши кутилмоқда.