Қундузда Афғонистон армияси 100 кишини «Толибон» асирлигидан озод қилди
Афғонистон шимоли-шарқида жойлашган Қундуз шаҳри яқинида «Толибон» экстремистик ҳаракати жангарилари томонидан қўлга олинган 192 кишидан 100 нафари озод қилинди. Қутқарув амалиёти вақтида асирдагиларнинг 8 нафари ҳалок бўлган. Бу ҳақда Қундуз провинцияси кенгаши раиси Юсуф Аюбий журналистларга маълум қилган.
Аюбийнинг маълумотларига кўра, яна 84 киши гаровда қолмоқда.
Қундуз провинцияси кенгаши раисининг айтишича, асирларни озод қилиш бўйича музокараларга қабилалар оқсоқоллари ҳам жалб этилган.
Аюбийнинг эслатишича, автобуслар йўловчилари 31 май куни тонгида Қундуз провинциясининг Алиобод уезди ҳудудидаги Боғлон—Қундуз автотрассасида гаровга олинган эди.
Бундан олдинроқ маҳаллий нашрларда толиблар камида учта автобус ва ўнта машина йўловчиларини қўлга олгани ҳақида ёзилганди. Ҳужум вақтида 17 йўловчи ўлдирилган.
Сўнгги вақтларда фаоллашиб қолган «Толибон» ҳаракати таркибида 40 мингдан 60 минггача жангари борлиги айтилмоқда.
НАТО Афғонистондаги ўз миссиясини якунлаганидан сўнг толиблар фаоллашган ва оқибатда мамлакатнинг айрим ҳудудларида вазият беқарорлашган.