Мукаррама Турғунбоева номидаги миллий рақс ижрочилари кўрик-танловининг мамлакат босқичи бўлиб ўтди
Ўзбек Миллий академик драма театрида Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, «Ўзбекрақс» миллий рақс бирлашмаси томонидан Мукаррама Турғунбоева номидаги миллий рақс ижрочилари кўрик-танловининг мамлакат босқичи бўлиб ўтди. Бу ҳақда «ЎзА» хабар бермоқда.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан ўн беш нафар ёш раққоса ўз истеъдоди ва маҳоратини намойиш этди.
Танловнинг ҳудудий босқичларида профессионал рақс жамоаларида фаолият кўрсатаётган ҳамда рақс санъати бўйича таҳсил олаётган 18 ёшдан 25 ёшгача бўлган истеъдод соҳибалари устоз санъаткорнинг ижодий меросини қай даражада ўрганганини намоён этди.
Бадиий жамоалар ижодий бирлашмаси қошидаги «Наврўз» ашула ва рақс ансамбли раққосаси Дурдона Камолова биринчи ўринни эгаллади. «Сабо» миллий рақс ансамбли раққосаси Раёна Баҳромқулова ҳамда Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби талабаси Сусанна Усеинова иккинчи ўринга сазовор бўлди. «Айқулаш жулдузлари» Қорақалпоқ давлат миллий фольклор ансамбли раққосаси Азиза Элмуратова ва Академик ва халқ бадиий жамоалари қошидаги «Хоразм рақс» студияси раққосаси Бекажон Саъдуллаева учинчи ўринни қўлга киритди.
Ғолиб ва совриндорларга диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.