Жаҳон | 14:59 / 31.05.2016
7907
2 дақиқада ўқилади

Пальма-де-Мальорка аҳолиси сайёҳлардан қутулмоқчи бўлди

Испанияда сайёҳлар оқимидан ғазабланган Пальма-де-Мальорка курорт шаҳри аҳолиси ҳордиқ чиқараётган хорижликларга уларнинг шаҳридан узоқроқ юришни талаб қилишган. Испанияликлар бинолар деворларида ҳам шу йўсиндаги чақириқларни ёзиб қолидиршмоқда, деб хабар беради Euronews.

Бинолардан бирида "Хорижлик сайёҳлар, йўқолинг!" деган ёзувни ўқиш мумкин. Бир уйнинг деворидаги "Қочоқлар, хуш келибсиз!" деб ёзилган.

Телеканалнинг маълум қилишича, маҳаллий аҳоли ўртасида сайёҳлик оқимидан норозилик аломатлари ўсиб бормоқда. Мальорка оролидаги Магалуф курортида спиртли ичимликларни ичиб, шовқин кўтараётган хорижий меҳмонлар аллақачон маҳаллий халқнинг "бош оғриғи"га айланган. Балеар ороллари таркибига кирувчи Ибица оролида сайёҳлар кўплигидан ичимлик суви муаммоси келиб чиқмоқда, Меноркада эса сайёҳлар "бум"и атроф-муҳитнинг ифлосланишига сабаб бўлмоқда.

Худди шундай норозилик намойишлари 2014 йилда Барселонада кузатилган. У пайтда бу испан шаҳри аҳолиси ўзларини номувофиқ тутувчи дам олувчиларга қарши чиқишган. 

Сайёҳлик соҳаси Испанияга 12 фоиз даромад келтиради. Балеар оролларида меҳнатга лаёқатли аҳолининг учдан бир қисми сайёҳлик соҳасида банд қилинган, минтақа бюджетининг деярли ярми шу саноат соҳасига тўғри келади. 

Балеар ороллари - дунёдаги энг йирик сайёҳлик марказларидан бири. Бу минтақадаги соҳиллар ҳамда кўплаб кўнгилочар муассасалар бутун дунё сайёҳларини ўзига жалб қилади.