Таиланддаги машҳур буддистлар монастиридан йўлбарсларни олиб кетилмоқда
Жониворлар билан аёвсиз муносабатда бўлган ҳамда улар билан ноқонуний савдо қилган монахлар айблангандан сўнг Таиланддаги ёввойи табиатни қўриқлаш мутахассислари Канчанабури провинциясидаги машҳур буддистлар монастиридан йўлбарсларни олиб кета бошлашди.
Ҳозирча 137 йўлбарсдан учтаси кўчирилди. Тахминан минг нафар киши жалб этилган операция бир ҳафта давом этади. Айбловларни инкор қилган монахлар дастлаб ҳайвонларни беришдан бош тортишди, бироқ суд қарорига бўйсунишга тўғри келди.
Ҳукумат вакилларининг сўзларига кўра, жониворлар махсус қўриқхоналарга жойлаштирилади.
Йўлбарслар монастири сайёҳлар орасида жуда машҳур, шунингдек бу ер Таиланднинг энг қимматбаҳо масканларидан бири ҳисобланади.
Ташриф буюрганларга ҳайвонларни овқатлантириш ва улар билан суратга тушишга рухсат берилади. Монастирга бунинг учун пул ундириш тақиқланган бўлса-да, улар сайёҳларга фақат пул эвазига хизмат кўрсатишади.
Бир неча йиллар мобайнида монахлар ҳукуматга қарши чиқиб, ҳайвонларни бермай келаётган эди.
"Бу сафар бизда суд қарори бор, илгари биз фақат биргаликда ҳамкорлик қилишни сўрар эдик, бироқ бундан ҳеч қандай наф бўлмади", - деди миллий парк департаменти раҳбар ўринбосари.