“Юрт келажаги” ижодкор ёшлар кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди
Нукусда “Юрт келажаги” ижодкор ёшлар кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.
Танловнинг “Архитектура ва дизайн”, “Ахборот технологиялари, рационализаторлик таклифлари ва техник ишланмалар”, “Тасвирий ва амалий санъат”, “Адабиёт ва журналистика” йўналишлари бўйича 11 номинацияда ўтказилган шаҳар ва туман босқичларида 4 мингдан зиёд ёшлар ўз истеъдодини синовдан ўтказди. Улар орасидан ғолибликни қўлга киритган 211 нафар ёш йигит-қиз танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида иштирок этди.
“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир иштирокчиларининг ижодий ишлари таниқли санъат ва маданият ходимлари, ёзувчи-шоирлар, олим ва мутахассислар томонидан баҳолаб борилди.
Тадбирда барча йўналиш ва номинациялар бўйича энг иқтидорли ёшлар сараланиб, кўрик-танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди.