Жамият | 20:31 / 31.05.2016
5314
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда экология ҳафталиги бошланди

Ўзбекистонда 5 июнь – Жаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни муносабати билан экология ҳафталиги бошланди. Тадбир Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан БМТ Тараққиёт дастурининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди. Бу ҳақда «ЎзА» хабар бермоқда. 

Экология ҳафталигини ташкил этишдан мақсад амалга оширилаётган муҳим экологик лойиҳаларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, атроф-муҳитни муҳофазалаш ишларида аҳолининг фаол иштирок этишини таъминлаш, ишлаб чиқаришга экологик соф технологияларни жорий этиш,  жамоат экологик назоратини такомиллаштиришдан иборат. 
  
Ҳафталик доирасида пойтахт ва вилоятларда табиатни асраш, биологик хилма-хилликни муҳофазалаш бўйича дастурлар натижаларига оид анжуманлар, экофестиваль, табиатнинг ноёб ҳудудларига саёҳатлар, инновацион технологиялар намойишига оид лойиҳалар, экологик таълимни тарғиб этиш бўйича танловлар, ҳудудларни ободонлаштириш акциялари, спорт мусобақалари  ўтказиш режалаштирилган. 

Тадбирда 2013-2017 йилларда атроф-муҳит муҳофазаси бўйича ҳаракатлар дастурида белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан  ташкилот ва корхоналар ўртасида ўтказилган «Экологик соф технологиялар ва инновациялар» танлови ғолиблари тақдирланди.