Европага интилаётган мингдан ортиқ қочқин ҳалок бўлиши мумкин эди
Ўтган ҳафтада Ўртаер денгизи орқали Ливиядан Италияга йўл олган мингдан ортиқ қочқинлар чўкиб кетиши мумкин эди. Бу ҳақда муҳожирлар бўйича халқаро ташкилот хабарига таяниб РИА Новости хабар қилди.
Аввалроқ “Чегара билмас шифокорлар” ташкилоти Ливия қирғоқларида кема ҳалокати туфайли камида 900 қочқин нобуд бўлиши хавфи бўлганини билдирганди. БМТ муҳожирлар масаласи бўйича Олий комиссари эса учта кема ҳалокати натижасида 700 нафардан ортиқ қочқинларнинг ҳаётига хавф солганини маълум қилган.
БМТ муҳожирлар масаласи бўйича Олий комиссари расмий вакили Уильям Спиндлер 31 май куни Женевада 2016 йилда 2,5 минг ўлим ҳолатлари қайд этилганини билдирди. Бу ўтган йил шу давр билан таққослаганда 700 тага кўп. Вакилнинг айтишича, чоршанба куни тахминан 100 киши, пайшанба куни – 550, жума куни 170 киши қурбон бўлган.
Муҳожирлар масаласи бўйича халқаро ташкилот сешанба куни 62 нафар қочқиннинг нобуд бўлгани тўғрисидаги маълумотни тасдиқлади. Бундан ташқари, уларнинг ҳисобига кўра, 25 майдан 31 майгача бўлган муддатда Ўртаер денгизида содир бўлган тўққизта ҳалокатлар туфайли 971 нафар қочқин бедарак йўқолган ёхуд қурбон бўлган.
Сешанба куни БМТ муҳожирлар масаласи бўйича Олий комиссари тақдим этган маълумотларга кўра, ўтган ҳафтада камида 880 нафар одам ҳаёти хавф остида қолган.
Италия Соҳил хавфсизлик хизмати хабари бўйича, бир ҳафта ичида Сицилия бўғози ҳудудида 13 минг нафардан ортиқ одам қутқариб қолинган. Қурбон бўлганлардан 65 нафари, жумладан уларнинг учта гўдагининг танаси топилган, холос.
Муҳожирлар масаласи бўйича халқаро ташкилот маълумотига кўра, йил бошидан буён Европага 194,6 минг киши келган. 1475 нафар қочқин бедарак йўқолган ёки нобуд бўлган.