Фарғона вилоятида хотин-қизлар ўртасида спорт фестивали ўтказилди
Фарғонада Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб хотин-қизлар ўртасида спорт фестивали ўтказилди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.
Фарғона вилояти ҳокимлиги, вилоят хотин-қизлар қўмитаси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда 300 дан зиёд хотин-қиз иштирок этди.
Бугунги кунда Фарғона вилоятида 665 мингдан зиёд хотин-қиз спорт билан мунтазам шуғулланмоқда. Қишлоқ жойларда истиқомат қилувчи аёлларни спортга жалб этиш мақсадида “Спорт маликаси”, “Отам, онам ва мен – спортчилар оиласи”, “Камолот” маликалари” каби мусобақалар ташкил этилаётир.
Фестиваль иштирокчилари спортнинг сузиш, югуриш ва волейбол каби турлари бўйича ўзаро баҳслашди.
Уй бекалари ва ҳамшира, педагог, тадбиркор, фермер каби касб эгалари иштирок этган фестивалда қатор номинациялар бўйича ғолиблар тақдирланди.