Ўзбекистон | 15:15 / 01.06.2016
5247
2 дақиқада ўқилади

Франциянинг Тошкентдаги элчихонаси виза бўлими қабул тартибини ўзгартирди

Тошкентдаги Франция элчихонаси 20 июндан бошлаб визага ҳужжатларни топшириш мақсадида виза бўлими қабулига ёзилиш учун Телефон хизмат ва маълумот маркази очилиши ҳақида эълон қилган.

Элчихона томонидан ушбу янги тартибнинг ўрнатилишидан мақсад визага ҳужжатларни топширувчи шахсларга сифатли ва тезкор маълумот етказиш ҳамда виза бўлимида қабул қилиш шароитларини яхшилашдан иборат.

Виза бўлимига ёзилиш масалалари билан «TLS Contact» компанияси шуғулланади.

20 июнгача виза бўлимига ташриф буюрувчиларни қабул қилиш тартиби ўзгаришсиз қолади: олдиндан қабулга ёзилмасдан душанбадан жумагача соат 09.00 дан 12.00 гача.

Янги тизимга мошлашиш учун унга ўтиш даври 23 июнгача давом этади. 23 июндан кейин «TLS Contact» компанияси орқали олдиндан ёзилмаган ташриф буюрувчилар виза бўлимида қабул қилинмайди.

«TLS Contact» компанияси билан боғланишга оид маълумотлар ҳамда қабулга ёзилиш аутсорсинг тизимининг жорий қилинишига оид қўшимча маълумотлар яқин кунларда эълон қилинади.