Германия жанубида тошқинлар сабабли тревога тартиби эълон қилинди
Германиянинг жанубидаги Бавария федерал ерида жойлашган Ротталь-Инн туманидаги учта аҳоли пункти раҳбарияти кучли ёғингарчилик туфайли юзага келган тошқинлар сабабли тревога режимини эълон қилишди.
Энг жиддий вазият Трифтерн коммунасида кузатилмоқда. "Охирги соатларда вазият кескин ёмонлашди", деб маълум қилди бургомистр Вальтер Чех. 5 минг кишилик бу аҳоли пунктида ягона мактаб ва иккита болалар боғчаси тошқин остида қолган. Бургомистр мактаб биносига олиб борувчи йўллардан ўтиб бўлмаслиги сабабли мактаб ўқувчилари тунни спорт залда ўтказишларига тўғри келишини айтди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган видеоёзувларга кўра, Трифтерн марказидлаги кўплаб кўчалар сув остида қолган. Айни вақтда қутқарув операцияси ўтказилмоқда, унда вертолётлар жалб қилинган. "Баъзи уйлар бир метрга сув остига кетган", деб айтди маҳаллий полиция вакили.
Тревога эълон қилинган бошқа иккита аҳоли пункти – Зимбах-ам-Инн ва Таннда квадрат метр майдонга 45 литр ёғингарчилик тушган.
Германия жануби ва жануби-ғарби жорий ҳафтада кучли ёғингарчилик ва шамол олиб келган кучли циклон таъсири остида қолди. Айни вақтда 4 киши ҳалок бўлгани маълум.