Спорт | 14:27 / 01.06.2016
5931
2 дақиқада ўқилади

«Оқ-тепа» Ўзбекистон Биринчилигидан четлатилди

«Оқ-тепа» 1-лига жамоалари ўртасидаги Ўзбекистон Биринчилиги мусобақаси билан хайрлашди.

«Жамоамиз бугун мазкур масала юзасидан ЎФФга расмий хат орқали мурожаат билан чиқди. Хатда чемпионатдаги иштирок тўхтатилишининг асл сабаблари батафсил кўрсатиб ўтилган. Айтиш керак, гарчи «Оқ-тепа» 1-лигадаги иштирокини якунлаган бўлса-да, клуб сифатида фаолиятини тўхтатгани йўқ», дейилади жамоа матбуот хизмати хабарида.

ПФЛ сайтида жамоанинг четлатилишига изоҳ берилган.

Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигаси Ижроқўми қарорига кўра, «Оқтепа» клуби молиявий муаммолар, шунингдек, мусобақада иштирок этиш учун тўланиши лозим бўлган бадал пулларини белгиланган муддатда тўлай олмагани, тиббий кўрик ҳамда жарима санкциялари учун тўланиши лозим бўлган қарзларни тўлай олмагани туфайли Ўзбекистон Биринчилиги-2016 иштирокчилари рўйхатидан чиқарилган.

Мазкур қарор 2016 йилги мусобақа регламенти, Тартиб-интизом кодексининг 5-модда, 1-бўлим, 5.33 пунктига асосан қабул қилинган.

«Оқ-тепа» клуби 2016 йилги мусобақа регламентига асосан, ушбу мавсумда белгиланган ўйинларнинг ярмини ҳам ўтказмагани боис, унинг иштирокидаги мавсумдаги барча ўйин ҳисоблари бекор қилинган. Огоҳлантиришлар ҳамда четлатишлар ўз кучида қолган.

Эслатиб ўтамиз, «Оқ-тепа» клуби ўзбек футболи мухлислари орасида жамоа директори Ғанишер Шоғуломов ўтган йил кузида «Спорт» телеканалининг «Соккер клуб» кўрсатувида келишилган ўйинлар билан боғлиқ иллатлар ҳақида гапириб ўтганидан кейин янада танилганди.

Кейинроқ, 2016 йил бошида «Соккер клуб» кўрсатуви ўз фаолиятини тўхтатди.