Спорт | 12:07 / 01.06.2016
5358
2 дақиқада ўқилади

Шахмат бўйича Осиё чемпионати. Марказий учрашувда Қосимжонов Воҳидовга қарши ўйнайди

Тошкент шаҳридаги “Ўзбекистон” меҳмонхонасида шахмат бўйича Осиё чемпионати давом этмоқда. Қитъанинг энг нуфузли Asian Continental Chess Championships 2016 турнири ўз тарихида 15-маротаба ташкил этилган.

Турнирда Марказий Осиё минтақасининг биринчи рақамли шахматчиси, 17-жаҳон чемпиони, 1998 йилги Осиё чемпиони Рустам Қосимжонов (2703) ҳам иштирок этяпти. У чемпионатда иккинчи рақам остида таснифланган.

Қосимжонов 31 май куни ўтказилган олтинчи турда яна дуранг натижа қайд этди. У ўзи каби 4 очко жамғариб турган хитойлик гроссмейстер Вен Янг билан дуранг ўйнади.

Бу турда Осиё чемпионатининг биринчи рақамли иштирокчиси вьетнамлик Ле Куанг Лием (2718) ғалаба қозонди ва 5 очко билан пешқадамга айланди. У қора доналарда ҳаракат қилиб, ҳиндистонлик гроссмейстер Сезураманни енгди.

Ўзбекистонлик яна бир халқаро гроссмейстер Жаҳонгир Воҳидов ҳам бу турда ғалаба қайд этди. Воҳидов қора доналарда ҳаракат қилиб, яна бир ўзбекистонлик Акмал Файзуллаевни енгди. Бу ғалаба Жаҳонгирни 4,5 очко билан турнир жадвалида қўшимча кўрсаткичларга кўра учинчи ўринга олиб чиқди.

Бугунги баҳслардаги марказий учрашувда Рустам Қосимжонов Жаҳонгир Воҳидовга қарши дона суради.

Турнирнинг эркаклар ўртасидаги баҳсларида 91 нафар иштирокчи бош мукофот учун баҳсларга киришди. Хотин-қиз шахматчилар мусобақасида 35 нафар иштирокчи Осиё чемпионлиги учун курашмоқда.