Саудия Арабистонида 14 киши терроризмда айбланиб ўлимга ҳукм қилинди
Саудия Арабистони суди 14 кишига нисбатан ўлим ҳукмини эълон қилди. Ушбу шахслар Ал-Катиф шаҳрида террорчилик ҳаракатлари содир этганликда айбланган. Бу ҳақда Al Arabiya хабар тарқатди.
Қайд этилишича, яна 9 кишига турли даражада қамоқ жазолари тайинланган.
2016 йилнинг январида Саудия Арабистонида Ал-Катифдаги намойишлар вақтида полициячиларга ҳужум қилганликда айбланиб ўлим жазосига маҳкум этилган 47 киши қатл этилганди.
Ўшанда "Ал-Қоида"нинг Саудия Арабистонидаги бўлими етакчиси Фарис аз-Захроний ҳамда мамлакатдаги шиалар хатиби Нимр ан-Нимрга нисбатан ҳам ўлим жазоси ижро этилганди. Шиалар шайхи ан-Нимрнинг ўлдирилиши Эронда катта норозиликлар тўлқинини келтириб чиқарди ва кейинроқ Саудия Арабистони ва Эрон ўртасидаги дипломатик алоқалар узилди.
2014 йили ИШИД террорчилари Саудия Арабистонининг турли ҳудудларида истиқомат қилувчи шиаларга ҳужумлар уюштирганди.