Жаҳон | 23:29 / 02.06.2016
6737
2 дақиқада ўқилади

АҚШ ИШИДга қарши курашиш учун Форс кўрфазига атом авиаташувчи кемасини жўнатди

АҚШнинг Dwight Eisenhower атом авиаташувчи кемаси бир гуруҳ кемалар ҳамроҳлигида Форс кўрфазига ИШИДга қарши АҚШ бошчилик қилаётган аксилтеррорчилик операциясига қўшилиш учун юборилди. Бу ҳақда Navy Times нашри хабар бермоқда

"Dwight Eisenhower кемаси бошчилигидаги зарба бериш гуруҳи дислокация ҳудудида Harry Truman авиаташувчи кемасининг ўрнини эгаллаш учун жўнатилмоқда ва ИШИД жангариларига ҳаво зарбалари беришда иштирок этади", деб айтди АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари қўмондонлиги адмирали Фил Дэвидсон.

Кема ва унга ҳамроҳлик қилаётган бошқа кемалар бортида 7 минг нафар матрос, учувчи, денгиз пиёда аскарлари, 90 тага яқин самолёт ва вертолёт мавжуд. Гуруҳ 1 июнда Виржиния штатининг Норфолк шаҳридаги АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари базасини тарк этди. 

Harry Truman кемаси 2015 йилнинг декабри охиридан Яқин Шарқдаги аксилтеррорчилик операциясида иштирок этмоқда. 17 апрел ҳолатига кўра, кемадаги самолётлар 1118 та парвоз амалга ошириб, ИШИД жангарилари эгаллаган позицияларга 580 тонна ўқ дори ташлаган.