Германия арманлар геноциди вақтида турклар билан иттифоқчи бўлганини эслатди
Германия федератив республикаси Биринчи жаҳон уруши вақтида Германия Усмонлилар империяси билан иттифоқчи бўлгани ва ўша йилларда арманлар қирғини амалга оширилиши олдини ола олмагани учун ўзини жавобгар деб билади. Бу ҳақда бундестаг томонидан арманлар геноцидини тан олиш ҳақидаги резолюцияда келтирилган.
Бугун бундестаг 1915 йили Туркияда арманлар қирғин қилингани тан олинган резолюцияни маъқуллади.
Бу борада дебатлар ҳукуматдаги коалиция ва "Яшиллар" партияси томонидан бошланган ва "1915–1916 йилларда Усмонли салтанатида арманилар ва бошқа христиан камчиликларнинг геноциди хотирасига" деб номланган резолюция ишлаб чиқилган.
"Германия Усмонлилар империясининг асосий иттифоқчиси эди. Ўша даврда немис ҳукумати арманларнинг қирғини оқибатларидан хабардор бўлган, аммо ҳеч қандай чора кўрмаган. ГФР бу жиноят учун ўзини айбдор деб билади ва қурбонларнинг хотираси ҳурмат қилиниши керак деб ҳисоблайди", дейилган резолюция матнида.
Туркия 1915 йилда юз берган ҳодисаларни Усмонли султонлигининг арманларни йўқ қилишга қаратилган сиёсати эмас, балки уруш оқибати деб билади ва геноцид фактини рад этади.
Арманистон дунё ҳамжамиятини геноцидни тан олишга чақиради. Шу вақтгача жаҳондаги 22та давлат Усмонлилар империяси даврида, 1915 йилдан 1922 йилгача арманлар геноциди амалга оширилганини тан олган (Уругвай, Россия, Австрия, Аргентина, Бельгия, Боливия, Канада, Чили, Кипр, Франция, Греция, Италия, Ливан, Литва, Нидерландия, Польша, Словакия, Швеция, Швейцария, Ватикан, Венесуэла, Люксембург, АҚШнинг 44та штати, Европарламент, Бутун дунё черковлари кенгаши).