Фан-техника | 17:49 / 02.06.2016
5194
2 дақиқада ўқилади

Илон Маскнинг Code Conference'даги иқрорлари

1 июнь куни SpaceX ва Tesla раҳбари Илон Маск IT-саноатидаги америкалик етакчиларнинг бош трибуналаридан бири Code Conference'да иштирок этди. 

Бу саҳнада ўз вақтида Стив Жобс ва Билл Гейтс нуфузли журналистлар билан мулоқот қилишган.

Бу сафар Маск ўз фаолиятининг бир неча асосий йўналишлари ҳақида сўз юритди - Марсни забт этиш, сунъий интеллектнинг ривожланиши ва ўз-ўзини бошқарувчи машиналар.

Нейротўр
Рақамли интерфейслар ва одамлар ўртасида маълумотларни узатиш учун бош мия қобиғига жойлаштирилган қатлам қўлланилади - ёзувчи Йен Бэнкс келажакни шундай тасвирлаган ва буни "интерфейс нейротўр" деб атаган. 

Нейротўр ғояси шундан иборатки, бундай яримбионик-яримрақамли интерфейс ёрдамида миядан тўғридан-тўғри сигнал олиш мумкин бўлади. Бу ахборот алмашиш тезлигини кўпайтиради.

"Нейротўр устида жиддий бош қотирадиган бирорта компанияни билмайман. Кимдир буни амалга ошириши керак. Агар ҳеч ким қилмаса, мен ўзим буни бажараман", - деди Илон Маск. 

SpaceX раҳбари ўз компаниясининг режалари билан ўртоқлашди: 2018 йилда у Марс сайёрасига юк ташишни йўлга қўймоқчи, шу билан бирга у ерга тадқиқий мақсадларда бўш Dragon Version 2 қурилмасини чиқариш ниятида.

SpaceX'да 2024 йилдан Марсга одамларни жўнатиш йўлга қўйилиши кутилмоқда - улар тахминан 2025 йилда қайтиб келишади. Бироқ қизил сайёрада катта шаҳарни барпо этиш учун жуда кўп материаллар керак бўлади, Dragon Version 2 уларни тез таший олмайди. Бунинг учун Falcon Heavy оғир юк ракеталаридан фойдаланилади, уларни синовдан ўтказиш ишлари 2016 йилнинг охирида бошланади. 

Маск ўз-ўзини бошқарувчи машиналарни яратиш бўйича бошқа компанияларнинг ишларини ҳам диққат билан кузатади, бироқ бу масалада уни Google'дан кўра Apple кўпроқ хавотирга солишини таъкидлади.