Инфантино 90 кунга лавозимидан четлатилиши мумкин
ФИФА президенти Жанни Инфантино 90 кун муддатга ўз лавозимидан четлатилиши мумкин. Бу ҳақда Die Welt хабар тарқатган.
Инфантино ҳийлагарлик ва махфий келишувлар тузишда гумон қилинмоқда. Шунингдек, у ФИФА қоидаларига амал қилинишини текшириш ва назорат қилиш билан шуғулланган қўмита раҳбари Доменико Скаланинг истеъфосига эришган. Скала шу йилнинг май ойида истеъфо берганди.
ФИФАнинг Ахлоқ ишлари бўйича мустақил қўмитаси ушбу швейцариялик футбол амалдорини ФИФАнинг май ойида Мехикода ўтказилган мажлиси аудиоёзувларини ўчиртириб юборгани учун четлатиши мумкинлиги айтилган.
Немис нашрида ёзилишича, бу маълумотлар журналистларга ФИФА мулозимларининг махфий ёзишмалари келиб тушиши ортидан пайдо бўлган.
Айни вақтда қўмита бу ёзишмалар ҳақиқийлигини текширмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 46 ёшли Инфантино шу йилнинг 26 февралида ФИФАнинг янги раҳбарига айланганди.