Фан-техника | 14:41 / 02.06.2016
3562
2 дақиқада ўқилади

Маск: SpaceX яқин 9 йилда инсонларни Марсга етказиши мумкин

Ўзининг ғаройиб бизнес режаларини амалга ошира олган Илон Маск (Elon Musk)нинг ишонишича, SpaceX яна 9 йилдан сўнг, инсонларни Марс сайёрасига қўндира олиши керак. У, Марс сайёрасига саёҳат уюштириш режалари билан Код конференцияси (Code Conference)даги чиқишида ўртоқлашган. 

"Агар ҳаммаси режадагидек давом этса, биз инсонларни 2024 йилда учириб, 2025 йилда қайтиб келишларини амалга ошира оламиз", -деган Маск анжуманда. 

Унинг айтишича, Маск сентябрь ойидаги конференцияда Марсни колониялаштириш режасини ҳам ошкор қилади. 

SpaceX компаниясининг ижрочи директори бўлган Илон Маск бир пайтлар, у "Марсда ўлишга тайёр эканини" айтган эди.

1 июнь кунги анжуманда, Илон мазкур фикрига ойдинлик киритиб, "марслик сифатида ўлишни" орзу қилмаслигини айтар экан, "ўлим учун жой қидираётган киши учун Марс унчалик ҳам номақбул жой эмас", -деган фикрни ҳам билдирган. 

Маск 2014 йилдан бери инсонларнинг Марсга саёҳатини амалга ошириш режаларини тузар экан, келаси ўн йиллик ўрталарини, режасини ҳаётга татбиқ этиш вақти сифатида тахмин қилиб келмоқда.