Жаҳон | 09:55 / 02.06.2016
4985
3 дақиқада ўқилади

ОАВ: АҚШ Болтиқ денгизидаги машғулотлар учун B-52 стратегик бомбардимончи самолётларини юборди

АҚШ 3та B-52 русумли стратегик бомбардимончи самолётларини Буюк Британияга олиб борди. Бу самолётлар Болтиқ денгизи ҳудудидаги 2та ҳарбий машғулотда иштирок этади. Бу ҳақда Sputnik агентлиги хабар тарқатган.

Бу самолётлар ердаги нишонларга ядро зарбалари беришни машқ қилади.

Аниқлик киритилишича, B-52 самолётлари АҚШ Қуролли кучларининг Африкадаги ҳарбий манёврларида ҳам иштирок этиши кўзда тутилган.

Самолётлар Шимолий Дакотадаги ҳарбий базадан Буюк Британиядаги Fairford базасига йўл олган. Бу ҳарбий техникалар Болтиқ денгизининг халқаро сувлари ҳамда Болтиқбўйи мамлакатлари, Польша ва Африка ҳудудида ўтказилаётган Baltops-16, Saber Strike-16 ва Just Hammer ҳарбий машғулотларида иштирок этади.

Air Force Times нашрининг билдиришича, B-52 самолётлари қатнашуви АҚШнинг Россия томонидан эҳтимолий тажовуздан хавфсираётган НАТОдаги иттифоқдошларини қўллаб-қувватлашига қаратилган.

B-52 1946 йилда ишлаб чиқила бошланганди. Совуқ урушнинг бошланиши билан АҚШга рақибга узоқ масофадан зарба бера оладиган ҳаво қуроли керак бўлиб қолган. Янги стратегик бомбардимончи самолёти эски B-36 Peacemaker ва B-47 Stratojet’нинг ўрнини эгаллаши лозим эди. Ҳарбийларнинг асосий талаби собиқ Иттифоқнинг ҳар қандай нуқтасига иккита термоядровий бомба етказа олиш салоҳияти эди.

Кейинги йилларда такомиллаштириб борилган самолёт 1965 йилдан Вьетнам урушида қўлланди. Самолётнинг бу модификацияси — B-52F — қанотлари остида 340 килограммли 24 авиацион бомбани олиб юриши мумкин эди. 

1965 йилнинг 2 мартида АҚШ ҳукумати 1968 йил октябригача давом этган ҳамда Иккинчи Жаҳон урушидан кейинги энг узун ҳарбий операция бўлган «Гулдуроқ чақин» амалиётини бошлади.

Уруш давомида умумий ҳисобда 31 та стратегик бомбардимончи уриб туширилди. Уларнинг бир қисми зенит қуролига, бир қисми эса Вьетнамнинг МиГ-21 қирувчиларига нишон бўлди.

Вьетнам урушидан сўнг бомбардимончилар модернизация қилинди, шунингдек, машғулотларда ва патрулда қатнашди.

1991 йил 16 январида Форс кўрфазидаги урушда эса реал нишонларга зарба бериш амалиётини ўтказди. Самолётлар АҚШнинг Ироқдаги ҳарбий кампанияси чоғида объектларни бомбалашда қўлланди.

1999 йилда B-52H Югославия ҳудудида Сербия армияси объектларини ўққа тутди.

2001 йилда Stratofortress Афғонистонда мадад кучи вазифасини бажарди.

2003 йилнинг 21 мартида B-52H самолётлари Ироқдаги объектларга қарата жами юзта AGM-86C ракеталарини учирди. 

Шундан сўнг анча вақтгача ҳарбий ҳаракатларда фойдаланилмаган самолёт 2016 йилнинг апрелида Ироқда ИШИД позицияларига бомба ташлади.

Ҳозирги B-52 самолётларининг жанговар радиуси 7,2 минг километр; улар 16 минг км масофани босиб ўтиши мумкин. Самолёт соатига 950 километр тезлик олиши ҳамда 31 тоннагача бомба юкини кўтариши мумкин.