Ўзбекистон | 08:50 / 02.06.2016
34625
2 дақиқада ўқилади

Онлайн пластик карталар амал қилиш муддати тугаса нима қилиш керак?

Ўзбекистонда онлайн пластик карталар – UZCARD EMV амалга киритилгандан анча вақт ўтди. Бироқ карталарнинг ҳамма эгалари ҳам уларнинг амал қилиш муддати тугаётганидан хабарлари йўқ. Бундай вазиятда қандай йўл тутиш кераклиги ҳақида uzdaily.uz нашрида баъзи тавсиялар келтирилди.

Қуйида ушбу вазият бўйича кўп учрайдиган бир нечта масалаларни кўриб чиқамиз.

Карта амал қилиш муддати

Исталган банк пластик картасида амал қилиш муддати мавжуд. Бу муддат картанинг олд томонида "ой/йил" форматида кўрсатилади, мисол учун 12/16 деган ёзув карта 2016 йилнинг 31 декабригача амал қилишини англатади. Бу картадан сиз бутун декабрь ойи фойдаланишингиз мумкин, бироқ 2017 йилнинг 1 январида сиз ундан энди фойдалана олмайсиз.

UZCARD EMV карталари одатда 3 йиллик муддат билан чиқарилади.

Картани қайта чиқариш

Бунинг учун ортиқча хатти-ҳаракатлар шарт эмас, Сиз картангиз муддати тугашидан 2-3 ҳафта аввал картангиз бириктирилган банк бўлимига мурожаат қилиб, картангизни бошқатдан чиқариш учун ариза ёзиб, янги картани олишингиз мумкин.

Картадаги пул маблағлари

Картангиз муддати тугагандан кейин, сиз фойдалана олмайдиган картангизда қолган пулдан ташвишланмасангиз бўлади. Чуки пуллар картада эмас, балки бу карта бириктирилган ҳисоб рақамида туради.

Карта муддатининг тугаши тўғрисидаги СМС-огоҳлантириш

Ягона умумреспублика процессинг маркази томонидан картасининг амал қилиш муддати тугаётгани ҳақида карта эгаларининг мобил телефонларига смс-огоҳлантириш юборувчи функция ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий қилинган. Бундай хабарни картаси смс-ахборот бериш хизматига уланган карта эгалари олишлари мумкин (смс-ахборот бериш хизмати карта эгаси ёки уни муомалага чиқарган банк томонидан уланади).

Муддати тугаган карта билан нима қилиш керак?

Муддати тугаган эски карта янгиси олинаётганда банкка топширилади ва у ерда йўқ қилинади.