“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди томонидан “Ҳар бир фарзандга меҳр, эътибор!” хайрия акцияси ўтказилди
“Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” биринчи халқаро байрамлардан бири бўлиб, уни ўтказиш ҳақидаги қарор 1949 йили Халқаро аёллар демократик федерациясининг махсус сессиясида қабул қилинган. Байрам сифатида эса 1950 йилдан бери нишонланиб келинади. 1989 йили “Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция” қабул қилинади. Бу қонун ҳужжати 1990 йилдан кучга кирди. Шуни айтиш лозимки, Ўзбекистонда ҳар бир болага алоҳида эътибор берилади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 07-20-7-сонли 4 май 2007 йилдаги топшириғига биноан “Ўзбекистонда болалар фаровонлигини таъминлаш бўйича Ҳаракат Дастури” ва бошқа қонун ҳужжатлари болаларни ҳар томонлама ҳимоя қилиш, уларнинг баркамол бўлиб вояга етишларига қаратилгандир. Президент Ислом Каримов таъкидлаганидек, “Соғлом авлодни тарбиялаш барчанинг, бутун жамиятнинг, шу юртда яшайдиган ҳар бир инсоннинг асосий иши, инсоний бурчидир”.
“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди баркамол авлод тарбияси, истеъдодли ёш авлодни қўллаб-қувватлаш, ота-она меҳридан бебаҳра болаларга меҳр кўрсатишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. 1 июнь “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни”га бағишлаб қатор тадбирларни амалга оширмоқда. Бу каби тадбирлар ўзига хос сарҳисоб бўлиб, нафақат байрам арафасида, балки йил давомида ўтказилади.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2016 йил 21 майдаги 14-07/1-88-сонли тасдиқланган 1 июнь Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан “Ҳар бир болага меҳр, эътибор” шиори остида махсус 10 кунликни ташкил этиш тўғрисидаги 16-сонли мажлис баённомаси ижросини таъминлаш мақсадида 2016 йилнинг 2 июнь куни соат 09:00 дан 13:00 гача “Соғлом авлод учун” фонди Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими ҳамда Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирликлари, Республика “Сен ёлғиз эмассан” болалар жамоатчилик жамғармаси, Тошкент шаҳри ва вилояти ҳокимликлари ҳамкорликдаги анъанавий тадбирлардан бири “Меҳрибонлик” уйлари тарбияланувчилари учун Тошкент шаҳридаги “Тошкент-Ленд” болалар истироҳат боғида хайрия тадбирини ўтказди. Байрам тадбирида Тошкент (14 ва 15-сонли “Меҳрибонлик” уйлари) ва Сирдарё (Гулистон болалар шаҳарчаси) вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридаги (21, 22, 23 ва 30-сонли “Меҳрибонлик” уйлари ва SOS O`zbekiston Bolalar mahallalari) жами 1000 нафарга яқин “Меҳрибонлик” уйлари тарбияланувчилари ҳамда Мудофаа ва Ички ишлар вазирликлари тизимида ўз хизмат бурчини бажариш вақтида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари, ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилалар фарзандлари учун барча кўнгилочар атракционлар бепул ташкил этилади. Ҳомийлар (Тошкент шаҳар ҳокимияти томонидан 1000 дона ичимлик ва Тошкент вилояти ҳокимияти томонидан эса 1000 дона музқаймоқ) томонидан бепул музқаймоқлар ва салқин ичимликлар берилди.